“Бошинг оғрияптими, болам?”

Дўстим, агар сиз ҳар куни: “Болам, яхши ухлаб турдингми?”, “Қорнинг очмадими?”, “Чарчаб қолмадингми?”, “Ишларинг яхшими?” деган сўзларни эшитиб турган бўлсангиз, нақадар бахтлисиз!

Кундалик дафтаримдан:

17.06.2007. “Ота-онанинг фарзандга меҳри ҳеч қачон сўнмайди. Катта бўлиб, оила қуриш ёшига етсак-да, биз улар учун ҳамон “қўзичоқ”, “тойчоқ”лармиз.

Бир куни ҳовлидаги сўрида эртароқ ухлаб қолибман. Кечроқ уйқум қочди. Дадам ҳалиям уйғоқлар. Онамга гапиряптилар: “Қўзичоқ роса чарчабди-да, қаранг, ширин бўлиб ухлашини…”. Мен эшитиб ётибман, бироз кулгим қистайди. Кейин дадам олдимга келиб: “Қўзивой, тур жойингга ётвол” дедилар. Мен кулимсираганча, ўз жойимга ётдим. Дадам эса нимадан кулимсираганимни ҳам билмасдилар…

Оналар… Улар шундай зотларки, бизни ўйлаб йиғлайдилар, озгинагина меҳримиздан суюниб ўзларини қўярга жой топа олмайдилар. Биз эса бошимизга бирон мушкул тушганда, ўша меҳри дарё инсонимизни эслаб қоламиз. Уларнинг беминнат, самимий меҳру муҳаббатини қўмсаб қоламиз…

Баъзида оғриб қолганимда уйга қўнғироқ қилсам, онам: “қўзичоғим, оғриб қолдингми, ёки менга шундай туюлдими, болажоним…” дея сўраб қоладилар. Йўқ, ҳаммаси ўтиб кетганини айтаман… Қаердан билдилар экан-а?

Бир куни ишдан келаётиб, қорним қаттиқ сиқиб оғриб қолди. Юришга қийналяпман. Қорнимни чангаллаганча бекат томон ҳаракатландим. Шунда хаёлимдан ўтказдим: онажоним ҳозир ёнимда бўлганларида… Асал чой ичириб, қорнимни боғлаб қўярдилар. Оғриқ ҳам ўтиб кетарди… Аллоҳ-Аллоҳ! Шуни ўйлаган заҳотим ярим соатдан бери мени азоблаётган оғриқлар тақа-тақ тўхтади…

Оналарнинг бизга берадиган меҳру муҳаббатини қанчалик қайтара оляпмиз…? Ҳисоблашга, ижобий жавоб беришга уринманг… Аллоҳим оналарни ўзи шунақа бебаҳо қилиб яратган. Минг чирансак ҳам улардек меҳр кўрсата олмаймиз. Ягона умидимиз уларнинг хизматларини сидқидилдан бажариш ва розиликларини олишдир”.

* * *

Онам раҳматли ҳаёт бўлган сўнгги кеча эди. Волидам билан сўнгги марта гаплашган кеча…

Онам иситма ва қаттиқ оғриқнинг зўридан азобланиб ётибдилар. Оғриқ қолдирувчи дорилар, ҳатто морфин ҳам таъсир этмаяпти. Энг ёмони — ёнингда яқининг азобланиб ётса-да, сенинг қўлингдан ҳеч нарса келмаса. Чорасиз, бошимни чангаллаганча туриб қолдим. Шунда онам кўзларини очдилар-да, бироз тин олиб, “Болам, бошинг оғрияптими?” дедилар…

Оналар шунақа бўлади. Жони ҳалқумга келгунича фарзандим деб яшайди.

Вафот этган оналаримизни Аллоҳ раҳмат этсин! Тирикларини саломат қилсин!

Дўстим, ёнингиздаги ҳақиқий саодатни ғанимат билинг.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *