Жигарингизни унутмадингизми?

1993-94 йиллар оиламиз учун оғир келди. Юртда пул ва маҳсулот тақчил, дадамнинг ишлари юришмаган, онам дардга чалингандилар. Куз-қиш пайти. Рўзғорда пул йўқ, мактабда тушлик қилмайман. Бир дона шимим, латтадан тикилган йиртиқ шиппагим бор (оёққа сув ўтади)… Бир куни синф мажлисида (ҳақиқий аҳволимиздан бехабар бўлган) ўқитувчимиз икки ямоқли шимим ва йиртиқ шиппагимни гапириб изза қилди… Онам оғриб қолиб, дўппи тикишнинг барча қийинчилиги ёш бошига қолган опам мени овутиб, асраган пулларига янги шим олиб бергандилар…

* * *

Золимлиги билан ном чиқарган Ҳажжож бир хотиннинг эрини, ўғлини ва акасини банди қилди. Аёл йиғлаб, фарёд қилиб, Ҳажжожнинг олдига келди.
Ҳажжож:
— Бу уч кишидан бирини афв этаман. Яхшилаб ўйлаб кўр. Қайси бирининг озод бўлишини хоҳлайсан? Эрингними, ўғлингними, акангними? — деди.
Хотин:
— Эр топилади, юртда эркак кўп. Ўғил туғилади, истасам бир неча ўғил туғаман. Аммо ака топилмайди, чунки онам яна бир ака туғиб беролмайди, — деди.
Аёлнинг бу оқилона жавоби ва тўғри сўзлиги Ҳажжожга қаттиқ таъсир қилди ва:
— Ҳаммасини кечирдим, сен улардан бирини кечиришимни сўраб тўғри сўзладинг. Сенинг ақлли ва тўғри сўзлигинг менга ёқди, — деди. Ва уларнинг ҳаммасини бирдан озод этди.

* * *

Ҳақиқат шу: Аллоҳ берса, истаганингизча фарзанд кўра оласиз: хоҳ ўғил, хоҳ қиз. Хотин ҳам, эр ҳам топиш муаммо эмас. Лекин онангиз сизга опа ёки ака туғиб беролмайди. Жигарларимизни асрайлик!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *