Зулмат ичра нур қидириб: Амир Темур ғорига саёҳат

Эсланг, ўшанда улар ғорга паноҳ истаб боришиб: «Парвардигоро, бизларга ўз ҳузурингдан раҳмат — марҳамат ато этгин ва бизларнинг ишимизни Ўзинг ўнглагин», дедилар. (Каҳф сураси, 10-оят)

Аллоҳ таоло Қуръони каримда ғорлар ҳақида хабар бераркан, уни инсонлар учун паноҳ, бошпана, мўъжиза дея таърифлайди. Каломи шарифнинг бир сураси ғор соҳибларидан ҳикоя қилади. Ҳадисларда ҳам ғорда қолганлар, паноҳ топганлар ҳақида қиссалар бор. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Мадинага ҳижрат пайти ғордан паноҳ топадилар: “Ўшанда икковлон ғорда бўлган пайтларида ҳамроҳига: «Ғамгин бўлма, шубҳасиз, Аллоҳ биз билан биргадир», дер экан, Аллоҳ унинг устига хотиржамлик туширди ва уни сизлар кўрмаган лашкарлар (яъни, фаришталар) билан қўллаб-қувватлади” (Тавба сураси, 40-оят).

Умримда биринчи марта қарийб 1 км узунликдаги табиий ғорга тушишим. Семиз бўлмаган бир киши аранг сиғадиган лаҳимлардан судралиб ўтганимда, бирон нур, бирон жон бўлмаган зимистон ичра бир муддат ёлғиз қолганимда шуларни эсладим. Бу ҳолатда сенга ёрдам берадиган, сенга паноҳ бўладиган ёлғиз Яратганнинг ўзи холос. Шу ерда дуонинг кучини ҳис этдим. Ўзининг мўъжизасига яна бир бор гувоҳ бўлдим…

* * *

Амир Темур ғорига саёҳат Шаҳрисабз шаҳридан бошланди. Бир кун аввал Сувтушар шаршарасида жуда мириқиб чўмилганимиз, УАЗда тоғ йўлида бироз силламиз қуриганигами, дўстим Шаҳромнинг уйида мириқиб ухлабман. Бомдоддан сўнг йўлга чиқдик.

Шаҳрисабздан Амир Темур ғорига икки йўлдан бориш мумкин: Яккабоғдаги Тошқўрғон қишлоғи орқали ёки Деҳқонободнинг Дўконхона қишлоғи орқали. Тошқўрғон орқали бориш анча яқин бўлиб, машина йўли тугагач, 9 кмлик пиёда сўқмоқ йўли билан борилади. Шаҳрисабзлик танишларимиз ҳозир дарёда сув кўпайгани, 2-3 жойда одамни оқизиб юборадиган дарёдан кечиб ўтиш зарурлиги туфайли, масофа олис бўлса-да, тепадан Дўконхона тарафдан боришни тавсия қилишди.

Шаҳрисабздан Қамаши тарафга юриб, Қизилтепадан Лангар қишлоғи тарфага бурилдик. Лангардан Ўрадарё дарёси бўйлаб юқорига Янгиқишлоқ, Олмали, Чаламозор қишлоқлари бўйлаб тоғ устидаги Дўконхона қишлоғига борилади.

Ҳайдовчимиз 72 ёшли Мўйсин бова — Шаҳромнинг амакиси. Кўринишидан ҳеч ким қари демайди. Амаки асфальт кўрмаган оғир тоғ йўлида қаттиқ УАЗни маҳорат билан бошқармоқда. Кеча биз билан Сувтушарга чиққанида ҳам унинг иродаси ва шижоатига тан бергандим. Шаҳромнинг дадаси, олий тоифали шифокор Савриддин ака ҳам яхши гурунг берар экан. Етти соатли тоғ йўлида бизни асло зериктирмади.

Дўконхонадан қуюқ арчазорлар бошланди. Денгиз сатҳидан 2300 метр баландликда жойлашган Дўконхона қишлоғининг усти билан ўрмон оралаб юқорилаймиз. Йўлда УАЗнинг суви қайнаб кетганди, тўхтадик. Мен Савриддин ака билан арчазорлар оралаб пиёда юрдик. Ҳаво жуда ажойиб, тўйиб нафас оласан. Юқоридан Дўконхона қишлоғи ва арчазор тоғлар кўринади. “Ўзим қашқадарёлик бўлиб, вилоятимизда бунақа гўзал жойлар борлигини билмас эканман. Ҳар хил санаторийлар ўрнига шу ерга келиб, чодир тикиб, бир ҳафта яшасангиз, дардларингиз арийди”, дейди Савриддин ака.

Арчазор ўрмондан яна юқорига кўтарилдик. Арчазорлар тугаб, улар ўрнини ям-яшил бутазор ва ўтлоқзорлар эгаллади. Бир неча чўпон оилалари бу ерга ўтов тикишибди. Яна бир тепалик ортидан қорли чўққи кўринди. Денгиз сатҳидан 2850 метр баландикдаги тепаликдан ўтишимиз билан пастдан чап тарафда чуқур дара кўринди. Шу ерга бошқа сайёҳлар ҳам чодир (палакатка) тикишган экан. Ўша ердаги текис майдонда тўхтадик.

Офлайн харитага қарадим. Амир Темур ғори турган жойимиздан тўғридан-тўғри борилганда 1000 метр узоқликда экан. Шаҳрисабздан Деҳқонобод тумани ҳудудида жойлашган бу манзилгача 135 км масофани 7 соатда босиб ўтибмиз.

Шу ерда азон айтиб, пешинни ўқигач, овқатланиб, чодирларни тика бошладик. Ҳали ерга мустаҳкамланмагани учун шамол чодирни учира бошлади. Тепамиздан ёмғирли булутлар тез ҳаракат қилмоқда. Ишқилиб, кечқурун шамол эсиб ёда ёмғир ёғмасин-да, дея ният қилдим.

Биз турган жой Шерлар дарасининг (Қалъаи шерон) тепаси бўлиб, Амир Темур ғори даранинг ичида эди. Дарага тушиб олиш учун ёнлаб, тоғ сўқмоғи бўйлаб аввал ўнг томонлаб, сўнг кескин нишабликдан ўнгга юриб, пастда оқадиган дарё бўйига тушиб олдик.

Йўлда баландлиги 40 метр бўлган иккита кичик шаршарани учратдик. Дарё томон тушишимиз билан сўқмоқ тугади. Дарё даранинг чап тарафидаги қоятошларга уланиб кетди. Дарё устидан тошдан тошга сакраб ўтишга тўғри келди.

Икки тарафимиз худди кимдир катта тоғни йўниб чиққандай вертикал қоялар. Баъзи жойларда даранинг баландлиги 500 метрга етади. Қоялар қуёшни тўсиб қўйгани учун қуёш нури тушмайди. Баъзи жойлардан ўсимликлар бўйимиз қадар ўсган. Сўқмоқ тугаб, йўл яна дарёнинг саёз жойига уланди. Бу ердан сакраш мумкин бўлган катта тошлар йўқ экан. Пойабзални ечиб 7 метрлик жойдан дарё кечиб ўтдик. Сув жуда совуқ, ўтгунча совуқ оёқни жунжиктирди.

Узоқдан ғорнинг оғзи ҳам кўринди. Яна бир марта дарёдан ўтиб, ўнг тарафдан юқориладик. Дара ичида табиат жуда ранг-баранг. Минг йиллик арчалар, ёввойи тоғ пистаси жуда кўп. Дарвоқе, ривоятларга қараганда бу ерда бир вақтлар арслонлар ов қилган экан. Шу боис Шерлар дараси деб аталган экан.

Саёҳатномаларда Амир Темур аскарларининг отхонаси дея таърифланадиган, оғзи тўғри тўртбурчак шаклидаги ғорга етиб келдик. Бу эни 5 метр, баландлиги 10 метрлик ғор дарвозаси эди. Ғорнинг ичкариси янада кенгаяди. Ғорда ҳаво ҳарорати бироз паст, лекин намлик унчалик билинмайди, чанг кўп. 20 метр юрилгандан кейин ғор чапга бурилади. Шу ердан ёритгичларни ёқишга тўғри келади. Ғор ости сўқмоғи текис эмас, харсангтошлар ва қиррали тошлар оралаб ўтаётганда эҳтиёт бўлиш керак. Ғор ичкарисида 200 метрча юрилгандан сўнг узоқдан нур кўринди. Ғордаги бирон туйнук бўлса керак, деб ўша нур томон юрдим. 50 метрдан сўнг ғор йўли яна чапга бурилиб, иккинчи катта оғиз томон олиб борди. Ғорнинг бу тарафдаги оғзи анча кенг: эни 20 метр, бўйи 10 метр.

Биринчи ғор бизни бироз чалғитди. Ҳақиқий Амир Темур ғорига шу ердан кириш туйнуги қидирдик. Ғорнинг деярли барча туйнукларини, ҳатто, юқоридаги туйнукларни ҳам қараб чиқдим. Асосий ғорга кирадиган йўлни топиб бўлмади. Бир пайт Савриддин ака чақириб қолди. Катта ғор отхонанинг шундоқ ёнида, бироз тепароқда экан. Келаётганда иккинчи ғорни кўрмаган эканмиз.

Тарихий манбаларда бу ғорда Амир Темур ва аскарлари қолгани, шу ерда ҳарбий тайёргарликдан ўтгани ҳақидаги аниқ маълумотлар йўқ. “Темур тузуклари”да Соҳибқирон Самарқанд тоғларида жойлашиб, унга қўшилишни истаганлар шу ерга келишини айтгани ёзилган. Самарқанд тоғларини айрим манбачилар Ҳисордаги Шерлар дараси ва Амир Темур ғори билан боғлашади. Амир Темурнинг бу ерларда бўлгани, пири кўмагида ғорни топгани, шу ерда қолгани, аскарлари ва отларини жойлаштиргани ҳақида эса турли афсоналар мавжуд холос.

1910 йилда Амир Темур ғорига сафар қилган Яккабоғ беги Мирза Салимбекнинг ёзишича, ғорнинг кириш дарвозаси бўлган, деворининг ички қисми ислимий нақшлар ва қабариқ тасвирлар билан безатилган. Иккала деворда ўйилган катта-кичик токчалар, ичкарида тахт бўлган. Лекин Салимбек ёзган нарсалар ҳозир сақланиб қолмаган. Аммо ғорга кирадиган жойдаги тошдан терилган ташқи девор қисмлари сақланган.

Асосий ғорга киришимиз билан ҳарорат бирдан ўзгарди. Дара юқорисида ҳарорат 30°C бўлса, дара ичида 25°C, ғор оғзида 20°C ни ташкил этади. Ғор ичкарисида эса ҳарорат қишин-ёзин 6°C бўлади. Ғорнинг кириш қисмида эни уч метр, баландлиги 8 метрли улкан харсангтош мавжуд. Унинг қаердан тушгани маълум эмас.

Харсангтош остидаги йўлакдан ғорнинг асосий залига кирилади. Ичкаридан намли ҳаво оқими юзингизга урилади. Иссиқроқ кийимимни кийиб олдим. Ичкарида ғор кенгайиб боради. Эни 4 метр, баландлиги 20 метргача етади. 15 метрдан сўнг ғор йўли ўнгга бурилади. Асосий залда 200 метрча юрилгандан сўнг улкан сталактит (пастга осилган сумалак) ва сталагмитлар (юқорига қараган сумалак) залига кирилади. Ундан кейинги зал анча кенг бўлиб, айрим жойларда энига 30 метр, баландлиги 25 метрни ташкил этади. Бу залдан 250 метр юрилгандан кейин эса тор йўлак бошланади.

Йўлакнинг охирида жудаям тор лаҳим кўринди (тулки уяси деб аташади). Лаҳимнинг эни 60 см, бўйи 40-50 см. Аввал мен кириб, уёғига йўл қандай эканини билиб, шерикларга хабар берадиган бўлдим. Лаҳимда ҳаракатланиш қийин, бош билан кириб, ётиб олиб, қўл ва оёқ билан судралиб ўтиш керак. Лаҳимнинг узунлиги тахминан 8-9 метр. Ўртасида торроқ жойи ҳам бор.

Бу ердан ўтишни ҳаммага ҳам тавсия этавермайман. Семизроқ кишилар сиғмаслиги мумкин. Кислород етарли бўлса-да, лаҳим ичида юрак қисиши, қон босими тушиши мумкин. Бирон хавфни сезсангиз, кирмаганингиз маъқул. Ўзингизга тўла ишонсангизгина ҳаракатланинг.

Биринчи лаҳмдан ўтилгандан сўнг кичик зал чиқади. У ердаги вазиятни ўргангач, шерикларга хабар қилдим. Шаҳром ҳам тушди. Залдан кейинги залга ўтиш йўлини қидирдик. Яна бир тор лаҳим кўринди. Мен лаҳим ичига кириб, вазиятни биладиган, Шаҳром эса шерикларга хабар берадиган бўлди.

Иккинчи лаҳимнинг охирида ҳам торроқ зал кўринди, кейин учинчи лаҳим бошланар экан. 2-3-лаҳимлар узунлиги 5 метрдан. Учинчи лаҳимдан ўтгандан сўнг яна бир кенгроқ зал кўринди. лаҳмлар орқали бақириб, Шаҳромга хабар бердим. Шаҳром залнинг охирига бориб шерикларга кирса бўлишини хабар қилди.

Шериклар келгунча ғор ичида 20 дақиқача бир ўзим қолиб кетдим. Шаҳромдан бошқа шериклар ҳали келиш-келмаслиги маълум эмасди. Атрофда бирон нур, бирон жон йўқ. Тепадан оқаётган сувнинг чакиллаши, юрак уришим, нафас олишимдан бошқа товуш эшитилмайди. Бу ерда мен Яратган билан ёлғиз қолдим.

Лаҳмдан ўтаётганда инсоннинг қабрдаги ҳолатини тасаввур қилгандим. Бу ердаги қоронғулик ҳам қабрни эслатди. Бир муддатга чироқни ўчирдим. Ташқарида бўлсангиз, ойнинг нури бор, уй ичида бўлсангиз ҳам деразадан турли нурлар ичкари киради. Чироқ ўчиқлигида ҳам инсон кўзи зулматга боқиб, аста кўника бошлайди, кучсиз нурларни кўриб, аста нарсаларни ажратади. Бу ерда эса бунинг иложи йўқ. Тушадиган кира нурнинг ўзи йўқ. Кўзга қоп-қора зулматдан бошқа нарса кўринмайди.

“Каҳф” сурасини, пайғамбар алайҳиссаломнинг Абу Бакр сиддиқ билан ғорда паноҳ топганларини, ғорда қолиб кетганлар ҳадисини эсладим. Шу ерда ният қилиб икки ракат нафл намози ўқидим. Овозимни чиқариб Қуръон ўқидим.

Шу пайт шерикларим Шаҳром, Ҳумоюн ва Акмал ака кириб келишди. Улар ҳам намоз ўқиб олишгандан сўнг, оят, ҳадисни эслатдим, келинглар дуо қиламиз, дедим. Биргаликда дуо қилдик, сафаримизни самарали, хавфсиз ва осон қилгин, дедик.

Баралла тасбеҳ айтиб, сўнгги кўлли зални айлана бошладик. Ичкари зал чапга томон аввал торайиб, кейин кенгайиб борди. Ғор иқлими кескин ўзгарган, намлик юқорилаганди. 80 метрча юрганимиздан сўнг, оёқ ости ҳўллашди. Бу ерда кўл бўлган, ҳозир қурибди. Оёқ остида жуда оз сув қолган. Тахминан 50-60 диаметрлик кўл остига тушдик. У ердан яна чапга бурилиб, 20 метрча юриб, бироз юқориладик.

Зал шу ерда тугагандек туюлади. Тўғрида юқорига чиқадиган йўл кўринди. Юқорида худди тахтга ўхшаган ясси тош турибди. Тошдан юқориси худди гумбазга ўхшайди. Яхшилаб текширдим. Юқорига йўл йўқ. Аксар манбаларда ғор кўлнинг охирида тугаши айтилган. Афтидан кўпчилик кўлдан уёғига ўтолмаган кўринади. Кўлдан ўтганларнинг хотираларида тахтдан юқорида ҳам йўл бўлиши мумкин дейилган. Лекин юқорига йўл йўқлиги аниқ.

Шу ердан яна бошқа йўл чиқармикан дея текшира бошладим. Бўлса бўлди, бўлмаса орқага қайтиш керак. Тахтнинг чап тарафида ертўлага ўхшаган тор йўлак кўринди. Эгилиб йўлак остига кирдим. У ерда яна бир тор лаҳим кўринди. Лаҳимдан бош суқиб аста судрала бошладим. Бироз эгик йўлакдан судраларканман, тўғримдан нур кўринди. Субҳаналлоҳ, яна бир зал бор экан, ичкарида кимдир бор. Нур томон яқинлашарканман, у тарафдан “келаверинг!” деган овоз эшитилди. “Сиз чиқяпсизми, киряпсизми?” дедим, у тарафдан яна “келаверинг!” деган овоз эшитилди. Овоз жуда таниш. “Кимсиз?” дедим, “менман” деган овоз келди. Субҳаналлоҳ, бу Шаҳромнинг дадаси — Савриддин аканинг овози эди.

Лаҳимдан чиқар эканман, ҳайратда эдим. Лаҳим бошида Савриддин ака ва Жамолиддин ўтирарди. Илк саволим “Бу ерга қандай қилиб келдинглар? Бошқа йўл бор эканми?” бўлди. Савриддин ака Жамолиддинга қаради-да, ғалати бўлиб, “Йўқ, шу ерда сизларни кутиб ўтирибмиз” деди (эртаси куни Савриддин ака бидан гаплашганимда “тўғриси, ғор буларнинг ақлига бироз таъсир қилибди, деб хавортирландим” дедилар).

Вазиятни тушунгунимча бир дақиқача ўтди. Ҳа, демак ичкари зал айлана бўлиб, кўлдан ўтгандан сўнг юқорилаганда эгик лаҳим шу ерга туташаркан. Шерикларимнинг ҳам илк саволи меникидай бўлди. Савриддин ака сергак тортиб, кеч бўлгани, тезроқ ғордан чиқиб, лагерга боришимизни айтди.

Ғорнинг кенг залларидан кетяпману, лаҳимлардан қандай қилиб чиқиб олганимизга ҳайратда эдим. Аллоҳ бизни ўзимиз билмаган ҳолда, жуда осон, бир зумда ичкаридан чиқариб қўйган, ярим соат олдинги дуомизни қабул қилган эди. Ўзига чексиз шукрлар бўлсин!

Узоқдан қуёш нур кўринди, ғорнинг чиқадиган жойига етиб келдик. Ғордан чиққанимизда аср вақти бўлган, Шерлар дараси эса бироз қоронғилашиб қолган эди. Дарёдан ўтиб, шаршарадан сув олиб, юқоридаги лагеримизга шошилдик. Йўл-йўлакай синган арча шохларини териб кетдик. Юқоридан тўғридан-тўғри юрилганда 1 кмлик масофа дарани айлнаиб ўтиш билан 5 км бўларкан.

Лагерга борганимизда шом бўлган, ҳаво аста совий бошлаган эди. Устимга яна бир кийим кийволдим. Шомни ўқиб бўлиб, овқатландик. Совуқ танадан ўта бошлаган, тезроқ чодир ичига кириш керак эди. Жойни йиғиштирдик, катталар чодирга киришди. Биз олиб келган шохлар ва ўтинларни майдалаб, гулхан ёқдик. Гулхан атрофида гурунг қизиди.

Ой атрофни ёритар, осмондаги юлдузлар гўё қўл билан ушласа бўладиган даражада яқин ва тиниқ кўринарди. Тўғримизда Чимбой (3700 метр), чап тарафимизда Хўжа Ахчабурун (3820 метр) чўққиси қад кўтариб турарди.

Кечаси 00:30 гача гулхан атрофида исиниб, кийимларимизни қуритиб, гурунглашиб ўтирдик. Ҳаво ҳарорати 4-5°C гача тушди. Кейин чодирларимизга кирдик. Мен яхшиям ётоқ-қопимга ўранган эканман. Шундай бўлса-да, совуқ бироз ўтди. Махсус ётоқ-қоп олмаган шериклар совуқда роса қийналишибди. Соат 3:30 ларда бомдодга турдик. Яхшиям Мўйсин амаки кечаси оловга бир ўтинни солиб қўйган экан. Саҳар Шаҳром яна ўтни ёқди. Олов атрофида ўтириб чой ичдик…

Қайтарканмиз, ғордаги дуомиз ва унинг биз кутмаган тарздаги тез ижобатидан ҳамон ҳайратда эдим.

Тошкент – Шаҳрисабз – Шерлар дараси
19-20 июнь, 2021

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *